Хайр, мактаб – салом, коллеж!

 

Ёш авлодни салоҳиятли кадрлар этиб тарбиялашдаги биринчи босқич – мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, илмий кадрлар ва малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш зарур .

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида “Хайр, мактаб – салом, коллеж!” тадбирлари  бўлиб ўтди.

Тадбирларда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, мактабнинг собиқ битирувчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари иштирок этиб, ўқувчиларга юртимизда мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, амалга оширилган кенг кўламли  бунёдкорлик ишлари тўғрисида аниқ рақамлар ва далиллар келтирилган ҳолда жонли мулоқотлар ташкил этилди.

“Хайр мактаб – салом коллеж” тадбирларида 2016-2017- ўқув йили сарҳисоб қилиниб, спорт мусобақалари, мусиқа танловлари, билимлар беллашуви ва умуман мактаб ҳаётида фаол иштирок этган фаол иқтидорли ўқувчилар ҳамда фидойи ўқитувчилар, ўз қобилияти ва иқтидори билан билимлар беллашуви, фан олимпиадаси, турли спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаб, устозлари ва ота-оналар ишончини оқлаган ўқувчилар алоҳида тақдирланади. Шунингдек, “Энг ибратли ўқувчи”, “Энг фаол ўқувчи”, “Ижодкор ўқувчи”, “Ёш ихтирочи”, “Мактабимиз фахри”, “Спорт устаси”, “Компьютер устаси”, “Энг ораста қиз” каби номинациялар бўйича иқтидорли ва намунали ўқувчилар тақдирланди.

Шунингдек, тадбир давомида мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-онасини маънавий рағбатлантириш таълим-тарбия сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан, “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она”, “Аълочи ўқувчи отаси”, “Билимли қиз онаси”, “Намунали она”, “Жонкуяр бобо”, “Меҳрибон буви”, “Ташаббускор буви” каби номинациялар ҳамда Халқ таълими вазирлиги, ҳудудий халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) ХТМФМТТЭ бўлимлари ва мактаб директорлари номидан ташаккурномалар билдирилди.

Айтиш жоизки, 2016-2017 ўқув йили давомида умумтаълим мактабларининг 9-синфини тугатаётган 467 019 нафар ўқувчини таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш мақсадида бир неча бор “Сўровнома”лар ўтказилиб, уларнинг академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни давом эттириш истаги аниқланди. Сўровнома натижаларига кўра битирувчиларнинг 42 790 нафари (9,2%)академик лицейларда, 424 229 нафари (90,8%)эса касб-ҳунар коллежларида ўқиш ниятида эканини билдирган.

         Қисқа сатрларда:

  • Халқ таълими вазирлиги тизимида 9680 та умумтаълим мактаби, 4893 та мактабгача таълим муассасаси 211 та “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолият кўрсатмоқда;
  • 2017 йил инвестиция дастурига мувофиқ 477 та мактабларда қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлса, жами 877 та умумтаълим мактаблари мебель ўқув-лабаратория асбоб-ускуналари, компьютер техникалари ва спорт анжомлари билан жиҳозланади;
  • 2016-2017 ўқув йилида 525 номдаги 26 млн. нусха дарсликлар чоп этилиб, умумтаълим мактабларига етказиб берилди.
  • 2016/2017 ўқув йилида илк маротаба аниқ ва ижтимоий-гуманитар фанлар форуми ўтказилди.

 ZiyoNET Ресурс марказининг Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бўлими


Izoh berish

© 2003-2017 UZINFOCOM Markazi.